ЎзА Ўзбек

23.04.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Бизнес-форумда 107 миллион долларлик шартномалар имзоланди

Бизнес-форумда 107 миллион долларлик шартномалар имзоланди Самарқанд шаҳрида Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

Президентимизнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларга эришилган эди. Шунга мувофиқ, дастлабки бизнес-форум икки вилоят ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.

14.JPG

Тадбирда Тожикистондан 200 дан ортиқ ишбилармонлар ҳамда Самарқанддаги йирик корхона ва компаниялар вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар айни пайтда икки вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар кўргазмасида қатнашиб, ўзаро фикр алмашди.

Форумнинг очилишида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев, Тожикистоннинг Суғд вилояти раиси Р.Аҳмадзода икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Давлатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланиб, товар ва хизматлар алмашинуви кўрсаткичлари кескин ошиб бормоқда. Мазкур тадбир эса бу борадаги алоқаларни янада жонлантиришга хизмат қилади.

Икки вилоят раҳбарлари Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш бўйича меморандум имзолади.

Форумда икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун яратилган имконият ва қулайликлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари, туристик фирмалар, фермер ва тадбиркорлар ўзлари тайёрлаётган маҳсулотлар, кўрсатаётган хизматлари бўйича тақдимотлар ўтказди.

– Корхонамиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, асосан, мева қуритиш ва қадоқлашга ихтисослашган, – дейди Суғд вилоятидаги “Баракат Исфара” масъулияти чекланган жамияти менежери И.Шерматов. – Йилига 450 тоннагача маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Тайёрланаётган 50 га яқин турдаги маҳсулот асосан Европа давлатларига экспорт қилинади. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида катта тажриба тўпланган. Самарқандда ҳам маҳсулоти экспортга мўлжалланган корхоналар кўп экан. Ушбу йўналишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Тожикистонлик ишбилармонларнинг ташрифи доирасида икки мамлакат тадбиркорлари учун кооперацион биржа ҳам ўтказилиб, унда томонлар ўзаро тажриба алмашиш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда манфаатли шартномалар имзолаш имкониятига эга бўлди.

24.JPG

34.JPG

Форумда Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасида умумий қиймати 107 миллион 847 минг долларлик 170 шартнома ва меморандум имзоланди. Жумладан, самарқандлик ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари, маиший хўжалик моллари ҳамда бошқа товар ва хизматларни экспорт қилиш бўйича 87 шартнома тузилди. 10 дан ортиқ туристик фирмалар эса тожикистонликларнинг юртимизга саёҳатини уюштириш юзасидан келишувларга эришди.

Форум доирасида икки мамлакат санъаткорлари иштирокида концерт дастури, Самарқанд вилоятининг “Динамо” ҳамда Суғд вилоятининг “Хўжанд” футбол жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ва бошқа бир қатор маданий тадбирлар ўтказилди.

Суғд вилояти вакилларининг Самарқандга уч кунлик ташрифи икки томон учун ҳам ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали мулоқотларга бой бўлди. Энг муҳими, халқларимиз ўртасидаги самимий дўстлик ва яқин қўшничиликка асосланган алоқаларни давом эттиришнинг янги босқичи бошланди. Бу муносабатлар Самарқанд вилояти вакилларининг жорий йил июнь ойида Суғдга ташрифи билан янада мустаҳкамланади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
4 379