Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2017 15:34 Чоп этиш версияси

Битирувчилар иш билан таъминланмоқда

Қашқадарё вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини жорий йилда 46 минг 783 ўқувчи битирди.

Вилоятда битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини самарали механизмлар асосида ишга жойлаштириш ишларини тизимли ташкиллаштириш бўйича вилоят ишчи комиссияси тузилган.

– Битирувчилар тўғрисидаги шахсий маълумотлар, яъни уларнинг касби, яшаш манзили, паспорт маълумотлари, амалиёт ўташ учун бириктирилган корхона ёки ташкилот номи, амалиёт ўташ муддати, корхона, ташкилот ва коллеждан бириктирилган амалиёт раҳбари, яшаш жойидан амалиёт базасигача бўлган масофа тўғрисидаги маълумотлар электрон база дастурига жамланиб, доимий назоратга олинган, – дейди Қашқадарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Шерзод Жовлиев. – Белгиланган режа асосида 18 таянч касб-ҳунар коллежида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Тадбирларда ҳар бир битирувчига корхона ва ташкилотларнинг фаолияти, у ердаги шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури, иш юритиш тартиби тўғрисида атрофлича тушунча берилди.

Ўқувчи-ёшларнинг ўзи танлаган соҳаси бўйича амалий кўникмасини мустаҳкамлаш учун таълим муассасаларида ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини акс эттирувчи махсус ўқув хоналари ташкил этилмоқда. Бу ерда ўқувчилар корхоналар тарихи ва бугуни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва ҳажми, ходимлар тўғрисидаги маълумотларни билиб олиши мумкин. Ўқув хоналарида ишлаб чиқариш илғорлари, меҳнат фахрийлари билан битирувчилар ўртасида учрашув, давра суҳбатлари ўтказилаётир.

Касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашда ўқувчиларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда 3 минг 524 ўқувчи қишлоқ хўжалиги, хизматлар, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, транспорт, ахборот технологиялари ва алоқа соҳасида 34 миллиард сўмдан ортиқ кредит олиш истагини билдирган. Айни пайтда уларнинг бундай эзгу интилишларини рўёбга чиқариш юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан амалий чоралар кўрилмоқда.

Тегишли дастурга мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш мақсадида ҳафталик “Старт-ап” лойиҳаси ташкил этилаётгани ҳам ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги кўникмасини оширишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда вилоятдан 663 битирувчининг лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “biznes.mehnat.uz” сайтига киритилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА
1 731






Все о погоде - Pogoda.uz