Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.09.2017 16:57 Чоп этиш версияси

Бир туп дарахтда 40 килограмм хандон писта

Юртимиз табиий иқлим шароитига мос, тоғ ва тоғолди ҳудудларида етиштириладиган хандон писта фаровонлик ва саломатлик рамзи ҳисобланади. Фарғона вилоятида хандон писта кўчатларини уй шароитига мослаштириш ишлари кенг қулоч ёзмоқда.

Мамлакатимизда хандон пистанинг “Саройқўрғон олмоси”, “Шарқ юлдузи”, “Олмос” каби ўттиздан ортиқ серҳосил нави яратилган. Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Андижон, Сурхондарё вилоятларининг тоғ ҳудудлари иқлим шароити хандон пистанинг ривожланиши, яхши ҳосил бериши учун қулай. “Урожайная”, “Зорка”, “Альбина” каби навлар барча жойларда яхши ҳосил беради.

Бағдод туманидаги Қўшчинор маҳалласида томорқада хандон писта етиштираётган омилкорлар кўп. Хусусан, ака-сингил Усмонжон Рўзиқулов ва Дилфуза Қодирова ушбу фойдали ўсимликни томорқасида парваришлашда кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

Уй бекаси Дилфуза опа фарзандлар тарбияси, рўзғор юмушларидан ортиб бу борада изланишлар олиб бораётганига, мана, 10 йил бўлди. Ўзининг айтишича, хандон писта етиштириш уларга бобомерос. Ўтган асрнинг 70-йилларида оила бошлиқлари бўлган Абдували ота ҳамда Зебинисо ая мазкур боғда дастлабки писта ниҳолларини ўтқазиб, миришкорлик сирларини фарзандларига ўргатган. Шу зайл мазкур боғ йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Айни пайтда уларнинг ўгити ва маслаҳатлари билан хўжалик томорқасидаги писта дарахтлари сони 1000 тупга етди.

Айтиш жоиз, хандон писта юқори диетик маҳсулот бўлиб, таркибида инсон саломатлиги учун фойдали микроэлементларга (49-60 фоизгача ёғ, 15-20 фоиз оқсил ва 3-8 фоиз қанд) бойлиги билан халқ табобатида кенг фойдаланилади. Абу Али ибн Синонинг табобатга оид асарларида жигар ва ошқозондаги қатор касалликларни даволашда пистага ташқи яраларни битирувчи восита сифатида катта ўрин ажратилган. Писта сурункали ўпка касалликларини даволашда ҳам қўлланилади. Мағзи устидаги қатламдан тайёрланган қотишма ошқозон касалликларида истеъмол қилинади. Минг йиллар давомида Шарқда пистани одам вужудидан зарарли моддаларни чиқарувчи ажойиб даволаш воситаси, деб ҳисоблашган.

Юксак сифатли мазаси туфайли писта мевалари жаҳон бозорида ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баробар юқори баҳоланади.

Дилфуза Қодирова ўтган йили бир туп писта дарахтидан 40 килограммга яқин ҳосил олди. Пистанинг бугунги баҳоси ўртача 20-30 минг сўм эканини ҳисобга олсак, ундан тушаётган соф даромадни ўзингиз чамалаб олаверинг.

– Хандон писта кўчатини парваришлаш деҳқондан эътибор ва тажриба талаб қилади, – дейди Дилфуза опа. – Боиси, бу ўсимликнинг ҳам ўзига хос инжиқликлари бор. Масалан, кўчат ўтқазишда тупроқнинг шўрланмагани, ер ости сувлари камида уч метр пастда жойлашгани муҳим саналади. Писта ёруғликни яхши кўради, шунинг учун уни экишда қуёш нури кўпроқ тушадиган, очиқ майдон танлаш лозим. Ўсимликни куз фаслида, уруғ сепиш ёки кўчат ўтқазиш орқали парваришлаш мумкин. Фақат кўчат ўтқазишда пистанинг икки уйли, яъни нави борлигини унутмаслик керак. Одатда, эркак навлар ҳосил бермайди, она навларнинг серҳосил бўлиши эса уларнинг бир жойда парваришланишига боғлиқ. Шу боис, ҳар ўнта она навдан кейин битта эркак навни шамолнинг эсиш томонига қараб экиш тавсия этилади. Писта инжиқ бўлиши билан бирга, қурғоқчил ва совуқ ҳаво ҳароратига бирдай чидамли. Ёз ва қиш ойларида +46 даражадан -40 даражагача ўзгарган экстремал шароитда ҳам ўсиш, ривожланиш ва мева беришда бодомга рақобатчи ҳисобланади. Асосийси, писта минг ёшгача мева беради.

Дарҳақиқат, кўп йиллик тажрибага эга Д.Қодирова айни пайтда фаолият кўламини янада кенгайтириш, истиқболли писта кўчатлари етиштириш, ҳосилдорлик салмоғини ошириш ҳаракатида. Айниқса, у ўз тажрибасини айни йўналишда боғдорчиликка қўл ураётган маҳалладошларига оммалаштираётгани эътирофга молик. Шу кунга қадар миришкор етказиб берган 1000 тупдан зиёд писта кўчати асосида 30 дан ортиқ хонадонда пистазорлар барпо этилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 641






Все о погоде - Pogoda.uz