ЎзА Ўзбек

30.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида ўтказилаётган савдолар

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида ўтказилаётган савдолар

Ўзбекистон Республика товар хом ашё биржасида ўтказилаётган савдоларнинг моҳиятини англашга ҳаракат қиламиз.

Бугун ҳам онлайн тарзда 24 соат давом этадиган давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақамлар ва мобиль рақамлар онлайн аукционлари ҳақида эмас, фақатгина электрон платформада бир кунда икки марта ўтказиладиган биржа савдоларига тўхталамиз.

Мазкур биржа савдоларида 38 турдаги энг юқори ликвид ва монопол товарлар сотилади. Булар аҳоли эҳтиёжлари учун муҳим бўлган озиқ-овқат, қурилиш ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бўлиши мумкин. Шу боис ҳам белгиланган улгуржи баҳо албатта бозорларимиздаги кундалик нархга таъсир кўрсатади.

– Савдолар жараёнида маҳсулотларнинг нархини туширишга, арзонроқ баҳода олишга ҳаракат қиламиз, – дейди брокер Темур Худойназаров. – Унда нархлар талаб ва таклиф асосида шаклланади. Сотувчи корхона эрталаб 100 тонна маҳсулот қўйса, унга харидорлар тарафидан 150 тонна талаб бўлиши мумкин. Талаб таклифдан юқори бўлса, нарх ўсиши кузатилади. Чунки маҳсулот ҳаммага етмайди. Шунда энг юқори нархни берган 100 та одам ғолиб бўлади. Нархни пастроқ айтган бўлса ололмай қолади. Жараёнда энг қиммат ва арзон нархлар ўртасида тортишув бўлади.

photo5316651389524487111.jpg

Қайд этиш жоизки, Т.Худойназаров бир вақтнинг ўзида саккизта газ қўйиш шохобчасига хизмат кўрсатади. Ваҳоланки, газ сотиб олиш учун ҳамма ташкилотларга ҳам рухсат берилмайди. Фақатгина бу борада лицензияга эга бўлган ташкилотлар сотиб олиш учун савдоларда иштирок этиши мумкин.

Бугунги эрталабки савдо сессиясига бир неча турдаги маҳсулотлар турлича миқдор ва бошланғич нархларда қўйилди. Мисол учун, 6108,0 тонна цемент қўйилган бўлиб, унинг бир тоннаси учун бошланғич нарх 413,9 минг сўмни ташкил этмоқда. Савдога қўйилган 378,0 тонна пахта ёғи учун бошланғич нарх 9110,3 минг сўмни ташкил этмоқда. Кўмир 238 тонна бўлиб, унинг бир тоннаси учун 332,8 минг сўм, пахта толаси 11390,0 тонна бўлса, унинг бошланғич нархи тоннасига 14579,1 минг сўм сўралмоқда.

Биржа савдоларини биржанинг маклериат бўлими, жумладан, маклерлар ташкиллаштиради. Улар брокер сотувчилар ва харидорлар ўртасида шартномаларни биржа номидан расмийлаштиради, рўйхатга олади. Биржа тизимида ишловчи маклерлар биржанинг ҳар бир вилоят филиалида бўлиб, улар ўн уч нафардан иборат.

5 999
Сайёра ШОЕВА, ЎзА