ЎзА Ўзбек

20.07.2018 17:52 Чоп этиш версияси

Банкларда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ишга тушди

Банкларда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ишга тушди
Банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгайиб, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда.

Шунга қарамай, банк хизматлари истеъмолчиларига хизмат кўрсатиш маданияти ва уларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада ошириш борасида бир қатор муаммо, камчиликлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Марказий банки низоми қабул қилди.

Унда истеъмолчига ахборот беришнинг минимал талаблари, банкнинг расмий веб-сайтида ахборот бериш хусусиятлари, банк фаолиятига оид реклама тусидаги ахборотлар бериш, истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми, истеъмолчи билан муносабатларни амалга оширишнинг асосий қоидалари, истеъмолчига хизмат кўрсатиш бўйича минимал талаблар, қарздорлик юзага келганда банкларнинг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш тартиби каби талаблар баён қилинган.

Хусусан, Низомда тақдим этилаётган хизматларнинг шартлари ва қиймати ҳақидаги ахборотни беришни рад этишга йўл қўйилмаслиги, масалан банк омонати шартномаси ёки кредит шартномаси тузилгунга қадар банк хизматлари истеъмолчисига оғзаки тарзда банкда жорий этилган омонат турлари ҳамда банк томонидан таклиф этилаётган кредит турлари бўйича барча маълумотни тақдим этиши кераклиги белгиланган.

Айни вақтда Марказий банк ва тижорат банклари қошида Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ташкил этилди. Уларнинг иш тартибини “Қишлоқ қурилиш банк” мисолида тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз. Айни вақтда Тошкент вилоят минтақавий филиалининг фаолияти намунавий филиал сифатида ташкил этилиб, филиал фронт-офис ва бэк-офис ҳудудларига ажратилди. Банкнинг қолган филиаллари фаолиятини ҳам намунавий филиалга мувофиқлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бунда банкдаги тизимли камчиликлар ва банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишларини аниқлаш, олдини олиш, бунга йўл қўйган банк ходимларига нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилишини таъминлашга эътибор қаратилади,- дейди банк ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов. – Шунингдек, банк хизматлари истеъмолчиларининг бузилган ҳуқуқларини тиклашда маслаҳат бериш ва кўмаклашишга ҳаракат қиламиз.

Қайд этиш жоизки, банкнинг барча филиалларида аҳоли ва тадбиркорлар учун дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз хизмат кўрсатиш ҳудудига тўсқинликсиз кириш учун шароитлар яратилди. “Мижозга хизмат” ахборот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказ ходимлар банк биносига кириб келган мижозларни кутиб олиб, уларни қизиқтирган банк хизматлари бўйича дастлабки маълумотларни бериб, сўнгра уларни тегишли мутахассисларга йўналтиради.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш ҳамда молиявий очиқлик даражасини ошириш - чакана банк хизматлари бозорининг янада ривожланишига, банк мижозлари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга, мижозларга хизмат кўрсатиш маданиятини ва уларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада оширишга замин яратади.

ЎзА
5 672