Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 18:52 Чоп этиш версияси

Банк тизимида ахборот хавфсизлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида «Baker Tilly Uzbekistan» компанияси билан ҳамкорликда янги халқаро IFRS 9 стандартини амалиётга жорий этиш, замонавий IT-аудит ва ахборот хавфсизлигининг долзарб масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Банклар ассоциацияси масъул ходимлари, «Baker Tilly International» компаниялар гуруҳи вакиллари, молия-кредит ташкилотларининг етакчи мутахассислари, тижорат банклари, хорижий молия институтлари ваколатхоналари ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходим-изланувчилар ва магистрантлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, «Baker Tilly International» компаниялар гуруҳининг Россиядаги мувофиқлаштирув кенгаши аъзоси А.Иванов, «Baker Tilly Uzbekistan» компанияси бошқаруви раиси О.Даминов ва бошқалар банк-молия соҳасига янги халқаро IFRS 9 стандартини жорий этиш, замонавий IT-аудит ва ахборот хавфсизлигига эътиборни кучайтириш ҳамда Ўзбекистонда мазкур тизимни янада юксалтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишга доир долзарб масалалар хусусида сўз юритди.

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, миллий валютанинг ва ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, банк тизимини ислоҳ қилиш, банклар депозит базасининг капитализациясини чуқурлаштириш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, янги турдаги суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар ҳисобига капитал ҳажмини кенгайтириш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада банк тизимидаги ислоҳотлар ва эришилган кўрсаткичлар хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланиб, Ўзбекистон тажрибаси кўплаб давлатларнинг банк-молия соҳасига кенг татбиқ этилмоқда.

– Банкларнинг инвестициявий ва молиявий барқарорликни сақлаш йўлидаги фаоллиги Ўзбекистон Республикаси банк тизими тараққиётининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда, – дейди А.Иванов. – Замонавий ахборот технологияларининг мунтазам тараққий этиши ва соҳага кенг жорий этилиши натижасида банк тизимида ҳам ахборот хавфсизлиги муаммоси кун тартибида турибди. Дунё миқёсида мазкур соҳадаги кибер-ҳужумлар сонининг кўпайиши нафақат тегишли банк ёки мамлакатнинг молиявий аҳволига, балки бутунжаҳон интеграциясига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугунги давра суҳбатида турли хавф-хатарларнинг олдини олиш, банк соҳасидаги ахборот хавфсизлигининг самарали усулларидан фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашдик.

Анжуманда Ўзбекистон банк-молия тизимини барқарор ривожлантириш, турли ахборот ва молиявий хатарларнинг олдини олиш, қулай инвестициявий ва бизнес муҳитини янада ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Севара Алижонова, ЎзА
3 149






Все о погоде - Pogoda.uz