Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 16:55 Чоп этиш версияси

Банк тизими – барқарор ривожланиш омили

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда "Иқтисодиётни бошқаришни янада либераллаштириш шароитида банк тизимининг барқарорлиги: қонунчилик ва амалиёт" мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Марказий банк, унинг вилоят бошқармалари ва бўлимлари, манфаатдор вазирликлар ҳамда тижорат банкларининг масъул ходимлари, экспертлар, олимлар иштирок этган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар хусусида сўз юритилди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Т.Искандаров, Марказий банк раисининг ўринбосари Ш.Шоаҳмедов ва бошқалар жаҳон бозори конъюнктураси шиддат билан ўзгараётгани, рақобат кучайиб бораётгани Ўзбекистон учун янги стратегик ёндашувлар ва принципларни ишлаб чиқишни талаб қилаётганини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида иқтисодиётнинг давлат томонидан бошқарилишини камайтириш, унинг рақобатбардошлиги ва очиқлигини ошириш, иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлаш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, банк-молия соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш каби вазифалар белгилаб берилган.

– 2017-2021 йилларда 40 миллиард долларлик 650 га яқин инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши мўлжалланмоқда, – дейди Марказий банк вакили Жаҳонгир Абдурасулов. – Шунингдек, банк-молия тизимини ривожлантиришнинг аниқ мақсадга қаратилган параметрлари банк тизими умумий капиталини 2 баробар, депозитлар, жумладан, аҳоли омонатлари ҳажмини 2,1 баробар кўпайтиришни назарда тутади. Банклар ресурс базасининг янада капиталлашуви ва мустаҳкамланиши ажратилаётган инвестиция кредитлари ҳажмини 1,7 баробар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитларни эса 2,2 баробар оширишни таъминлайди.

Конференцияда тижорат банкларининг активлари устидан мониторинг ўтказишнинг янги усуллари ва механизмларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва бир қанча қонунларига ўзгартиш ҳамда кўшимчалар киритиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Қонун хужжатларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар турли соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича банкларнинг имкониятларини ва ресурслар базасини кенгайтириш, корпоратив облигациялар чиқариш орқали инвестиция салоҳиятини ошириш, миллий кредит ташкилотлари рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилиши алоҳида қайд этилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 288






Все о погоде - Pogoda.uz