Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 19:55 Чоп этиш версияси

Банк қонунчилиги такомиллаштирилмоқда

Жаҳон банки томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олган. Бугун мамлакатимиз тижорат банклари аҳолига миллий ҳамда чет эл валютасида 250 дан ортиқ омонат турларини таклиф этмоқда. Депозитга қўйилаётган маблағларнинг миқдори охирги беш йилда 3,5 маротабага, 2016 йилда 25,2 фоизга ошди.

Тошкент давлат юридик университетида “Ўзбекистон Республикасида банк қонунчилигини такомиллаштириш” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида ана шулар хусусида сўз борди.

Университет проректори З.Эсонова, "Капиталбанк" акциядорлик-тижорат банки кенгаши раиси Ф.Отахонов ва бошқалар мамлакатимизда банк тизимини ислоҳ қилиш, молиявий барқарорлигини ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестицион лойиҳалар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит ажратишни янада кенгайтириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

2016 йилда тижорат банклари аҳоли омонатларини жалб қилиш йўналишидаги фаолиятини жадаллаштиргани, банк хизматлари тўғрисида аҳолининг хабардорлик даражаси ошгани ҳамда кўплаб янги омонат турлари жорий этилгани кузатилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида банк соҳасини янада ривожлантириш, тижорат банклари фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Ҳамид Ботиров. – Банк қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан университетимизда соҳа мутахассислари билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Бугунги тадбирда ҳам тижорат банклари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, банк операцияларини тартибга солишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ қонунчиликни қўллаш масалаларига эътибор қаратилди.

Банклар фаолиятини янада ривожлантириш, банк қонунчилигини такомиллаштириш, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кредит олиш тизимини соддалаштириш, истиқболли инвестицион лойиҳаларни кенгайтириш борасида амалий таклифлар билдирилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
1 471






Все о погоде - Pogoda.uz