Бандликни таъминлаш – долзарб масала
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Меҳнат бозори ривожида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги” мавзуида очиқ мулоқот ўтказди.
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Меҳнат бозори ривожида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги” мавзуида очиқ мулоқот ўтказди.Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари битирувчиларига тадбиркорликни бошлаши учун кредит маблағлари ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди.
– Ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун ихтисослаштирилган иш ўрни ярмаркалари ўтказиш, аҳоли ва иш берувчилар учун меҳнат органлари кўрсатаётган хизматларнинг сифати ва ҳаммабоплигини оширишга кўмаклашмоқдамиз, – дейди Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази директорининг биринчи ўринбосари Ботир Алимуҳамедов. – Шахсий бизнесини ташкил этишни хоҳловчи, илк бор меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантирмоқдамиз. Банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизими яратилмоқда. Кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, уларни оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандликка жалб этиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Очиқ мулоқотда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамасдан, бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳалигача эскирган иш шакллари ва усулларидан фойдаланилаётгани, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолаётгани, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашувлар учраётгани қайд этилди.