Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 15:34 Чоп этиш версияси

Балиқчилик: сувдан хазина қидирмаймиз, уни ўзимиз яратамиз

Балиқ етти хазинанинг бири саналади. Шифокорлар витамин ва минералларга бой ушбу маҳсулотни йил давомида 6-8 килограмм истеъмол қилишни тавсия этади. Демак, балиқ маҳсулотларини кўп етиштириш, қайта ишлаш ва аҳоли ўртасида истеъмолини бир неча баравар кўпайтириш миллионлаб кишилар саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.

Ўзбекистонда асосан дарё балиғи истеъмолда бўлгани учун аҳоли кўпроқ зоғора, лаққа, илонбалиқ каби турларни яхши билади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юрак-қон томир касалликларида, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти сустлашганда парҳезбоп гўшт кони фойдадир. Болалар балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиши натижасида кариес, соч тўкилиши, бўқоқ дардларидан фориғ бўлади.

Олтмиш миллион балиқчи хизматимизда

Статистика маълумотларига қараганда, дунё аҳолисининг қарийб 60 миллионга яқини балиқчилик соҳасида банд бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг 9 фоизини ушбу сув жониворлари ташкил этади. Балиқ дунёдаги энг харидоргир, шу билан бирга тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулоти бўлгани учун уни қайта ишлаш, консервалаш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш алоҳида эътибор талаб этади. Европа, Шимолий Америкада истеъмолга мўлжалланган балиқларнинг учдан икки қисми одамларга музлатилган, тайёр ёки консерваланган ҳолда етказиб берилади. Африкада балиқлар дудланган, Осиёда эса кўпроқ тирик ҳолда сотилади.

Очиғи, яқин-яқингача юртимизда балиқчилик тармоғи истиқболига шубҳа билан қарайдиганлар кўпчиликни ташкил этарди. Улар бу йўналишнинг харажати даромадидан кўпроқ, ташвишлари ҳам ўзига яраша эканини исботлашга уринишарди. Аммо, мамлакатимизда соҳани ривожлантириш учун етарли ҳажмда сув ресурслари мавжудлиги ва балиқчиликка қизиқаётган кўпгина тадбиркорларнинг фидойилиги боис соҳада юксалиш бошланди. Жорий йилда 105 минг тонна балиқ етиштириш кўзда тутилгани фикримиз далилидир.

Мисол учун, Сурхондарё вилоятида 180 дан зиёд балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. «Термиз агро фиш экспорт» балиқни қайта ишлаш агрофирмаси улардан бири. Корхонада Вьетнам технологияси асосида Африка лаққаси, карп каби балиқлар етиштирилмоқда. Қашқадарё вилояти балиқчилари ҳам фаоллик кўрсатмоқда. 260 дан ортиқ балиқчилик хўжалигида ўтган йили 4 минг 450 тонна парҳез маҳсулот тайёрланди. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 минг 175 тоннага етказиш режалаштирилган.

Андижон вилояти «Улуғнор балиқ» масъулияти чекланган жамиятида ўтган йили очиқ майдонда 925 тонна балиқ етиштирилди. Йил охирига қадар эса бир минг икки юз тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда.

– Хўжалигимизда боқилаётган олачипор балиқнинг вазни 8 килограммгача етади, гўшти ширин ва қилтаноғи оз, – дейди корхона раҳбари Абдусалом Рўзиматов. – Ўтхўр оқ амур балиқни боқиш ҳам ижобий натижа бермоқда. Балиқчилик хўжаликларидаги ҳовузларда қовға ўсимлиги, айниқса, тез ривожланади. Бундай шароитда оқ амур балиқлари ҳам мазкур ўт билан озиқланади, ҳам ҳавзалардаги сувнинг тоза ва мўътадил сақланиши учун шароит яратади. Яқиндан бошлаб япон сазанини тажриба тариқасида парваришлашни бошладик. Улар совуққа ва иссиққа чидамли, гўшти жуда мазали. Хорижда харидоргир.

Ҳуқуқий асос – ривожланиш пойдевори 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янгидан-янги имкониятлар яратмоқда.

Унга кўра, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилди. Жойларда балиқчилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштирувчи 13 ҳудудий “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Уларга 2023 йилнинг 1 январигача уруғ, балиқ чавоғи етиштириш, балиқ маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадларини ягона солиқ тўловидан озод этиш бўйича имтиёзлар берилди. Юқори маҳсулдор балиқ турларини иқлимлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш ҳисобига Африка лаққаси, тиляпия, форель, Венгрия сазани ва осётр каби балиқ турларини кўпайтириш йўлга қўйилади.

Балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ташкилий-технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, балиқ чавоқларини такрор кўпайтириш ва озуқа базани мустаҳкамлаш, табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўллар ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усулларни ва интенсив технологияларни жорий этиш «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Бундан ташқари, балиқчилик тармоғида илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш, илмий кадрлар тайёрлаш, илмий ва техник янгиликларни тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига айлантирилди. Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳамда бошқа ҳудудларда унинг филиаллари очилмоқда.

– Балиқчиликни ривожлантиришда дунёнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, илм-фан ютуқлари ва инновацион янгиликларга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди Балиқчилик илмий-тадқиқот институти директори Руҳилло Қурбонов. –Шунингдек, тоғли ҳудудларда совуқ сувга мослашган қимматли балиқ турлари кўпайтирилмоқда. Мисол учун, Тошкент вилоятида форель, осётр, лосось етиштирилиб, ички бозор кенг турдаги арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари билан тўлдирилади. Кўплаб тадбиркорларимиз креветка, қисқичбақа каби импорт ўрнини босувчи денгиз маҳсулотларини етиштиришга бел боғлагани ҳам қувонарлидир.

Вьетнам тажрибасининг афзаллиги нимада?

– Биз Хива туманидаги “Эшон Равот балиқ” фермер хўжалиги билан ҳамкорликда балиқ етиштирмоқдамиз, – дейди Вьетнамнинг "Nguen Duc Chi» корхонаси директори Нгуен Ван Чи. – Бунинг учун 400 гектарда ҳавза бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди. Уларни зарур қурилма билан жиҳозлаб, янги усулда балиқ етиштириш тажрибасини амалга оширамиз. Келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, янги лойиҳаларда иштирок этмоқчимиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, балиқ экспорт қилиш бўйича Вьетнам дунёда учинчи ўринда туради. Бу давлатда балиқ маҳсулотлари экспорти 7,1 миллиард долларни ташкил этади. Вьетнам технологияси увилдириқларни интенсив усулда етиштириш ва ҳавзаларга юқори тиғизликда ўтказишга ихтисослашган. Бундай усул балиқларнинг омихта ем сарфига нисбатан ривожланиш суръати юқорилиги, салбий гидрокимёвий ҳолатлар ва касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради.

Одатда, бир гектар ҳавзадан ўртача 15-20 центнер балиқ олинади. Вьетнам технологияси самарасида бу кўрсаткич 400 центнергача етади. Вьетнамда Осиё лаққаси (пангасиус) етиштириш йирик саноатга айланган. Ҳозирги кунда дунёда етиштириладиган Осиё лаққасининг 50 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Пангасиус қайта ишланиб, филе ҳолига келтирилгандан сўнг маҳсулот махсус технологияда глазурь (махсус жило берувчи қоришма) билан қайта ишланиб қадоқланади ва дунёнинг ўнлаб мамлакатларига экспорт қилинади.

– Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига сафари чоғида хўжалигимиз лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишиб, бизга қимматли маслаҳатларни берди, – дейди Хивадаги "Болтабой оқсоқол" фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдарбек Оллаберганов. – Ўтган йили аҳоли дастурхонига 490 тонна балиқ етказиб бердик. Фаолиятимизни таҳлил қилиб, самарадорликни ошириш мақсадида Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш чораларини кўришга киришиб кетдик.

Африка лаққаси иқлимимизга мослашмоқда 

Сирдарё иссиқлик электр станциясининг ёрдамчи балиқчилик хўжалигида очиқ сув ҳавзалари йўқ. Аксинча, бу ерда балиқлар ёпиқ, яъни махсус бино ичидаги ҳовузларда боқилади. Яна қанақа балиқлар денг, бошқа жойларда деярли учрамайдиган Африка лаққаси!

Мазкур сув жонивори очиқ ҳавода ҳам маълум вақт ҳаётчанлик хусусиятига эгалиги билан турдошларидан тубдан фарқ қилади. Аниқроғи, у жабраси устидаги махсус аъзоси орқали нафас олиб, 14-47 соат давомида яшашга қодир. Муҳими, маҳсулдор ва боқиш муддати ҳам қисқа. Масалан, саккиз ой давомида балиқларнинг энг кам вазни бир килограммни ташкил этади. Африка лаққасидан бир куб метр сувда 300 килограммгача маҳсулот етиштириш мумкин. Африка лаққаси ёз ойларида тез ривожланади. Сувсизликка чидамли бўлиб, озуқа танламайди, гўшти ширин, қилтаноқсиз.

Қафас усулининг афзаллиги кўп 

– Олимларимиз балиқ етиштиришни ривожлантириш учун интенсив усулни кенг тарғиб этишмоқда – дейди Балиқчилик илмий-тадқиқот институти директори Руҳилло Қурбонов. – Бунда балиқлар кичик сув ҳавзалари ва сувни исроф қилмайдиган ёпиқ тизимларда етиштирилади. Интенсив усулда кичик ҳажмли, ихчам бассейнлар ва сув таъминоти тез алмашинадиган кичик оқар сув ҳовузларида балиқлар юқори тиғизликда парваришланади. Бассейнлардаги оқар сувлар исрофсиз ирригация тизимига қайтарилади. Шунингдек, сув ҳарорати ва кислород миқдори мўътадил бўлиши орқали қисқа муддатда балиқ етиштириш имконини беради.

Қафасда интенсив усулда балиқ етиштиришнинг афзал жиҳатлари ўзига хос бўлиб, ҳовуз сувини янгилаб туриш имконияти бўлган оилалар ҳам бундан фойдаланиши мумкин. Қолаверса, қишлоқ ва уй шароитида балиқ боқишга имконияти бўлмаган оилалар оилавий тадбиркорлик асосида банклардан кредит олиб, садок усулида балиқ етиштириши мумкин.

Марказий Фарғона сув омборида «Долина Лиана» корхонаси 40 дона садокда 100 тонна балиқ етиштириб, 132,2 миллион сўм фойда олди. Корхона жорий йилда садоклар сонини 90 тага етказиб, 270 тонна балиқ етиштиришни режалаштирмоқда.

Юқоридаги маълумотлардан кўринадики, бу усулнинг имкониятлари ва истиқболи катта. Мисол учун, Вьетнамда 4 та садокка битта оила қарайди. Демак, 4 та садок бутун оилани боқади. Таъкидлаш жоизки, вьетнамликлар бу ишга илмий асосда ёндашгани боис, бир қафасда 3,5 тоннадан 4,5 тоннагача, айрим ҳолларда 5 тоннагача балиқ олинади.

Балиқчилик соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг натижалари бугун бозорларимизда акс этмоқда. Балиқ маҳсулотлари мўл-кўллиги уларнинг нархи ошиб кетишига йўл қўймаяпти. Аҳоли ўртасида ушбу парҳез маҳсулот истеъмолининг ўртача кўрсаткичлари ҳам изчил ўсмоқда.

Сайёра Шоева, ЎзА
2 729






Все о погоде - Pogoda.uz