Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 15:59 Чоп этиш версияси

“Асл ойна”да янги линия ишга тушди

“Асл ойна”да янги линия ишга тушди Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Асл ойна” акциядорлик жамиятида Италиядан келтирилган янги линия ишга туширилди.

Ҳозирга қадар корхонада Германияда ишлаб чиқарилган технология асосида 130 хилдаги дизайнда шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган эди. Янги линия кўмагида турфа хил кўриниш ҳамда сиғимдаги рангли ва рангсиз шиша идишлар тайёрлаш янада кўпаяди.

– Муҳими, 150 йигит-қизнинг бандлиги таъминланади, – дейди корхона раҳбари Ҳусниддин Нормуҳамедов. – Бир минг 450 градус ҳароратда шиша пиширадиган мазкур технологияни бошқариш бир мунча мураккаблиги боис ишга олинган ёшлар уч ой давомида тайёргарлик курсларида ўқиди. Эндиликда қўшимча равишда бир кеча-кундузда 120 тонна шиша масса ишлаб чиқарилади. Мазкур идишлар мамлакатимизда етиштирилаётган мева ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, консерва ва ёғ-мой саноати соҳаларида ишлатилади.

Нархи 11 миллион еврони ташкил этувчи мазкур технология «Капиталбанк»дан олинган сармоя эвазига харид қилинди. У бошқа турдош технологияларга нисбатан электр энергиясини 10 фоизга тежайди.

"Асл ойна" ички бозор эҳтиёжига ишлаш билан бир қаторда, ўтган йили 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 4 миллион долларга етказиш мўлжалланмоқда.

– Янги линия кўмагида хомашёни аралаштириш, куйдириш, қуйиш, саралаш, қадоқлаш жараёнлари мукаммал бажарилиши эвазига шаффоф, тиниқ рангли оқ шиша идишлар тайёрлаш имконияти янада ошади, – дейди корхона бош технологи Фарҳод Исматов. – Хусусан, игнасимон рекуператорли шиша пишириш қозони иш унумдорлиги юқорилиги ва камхаржлиги билан ажралиб туради.

Шиша маҳсулотлари қум, доломит, оҳак, кальций содаси каби маҳаллий хомашёлардан фойдаланилган ҳолда тайёрланмоқда. Технологик жараёнларнинг автоматик бошқарилиши маҳсулотлар юқори сифатда тайёрланишини кафолатлайди. Жорий йилда 120 миллион дона турли сиғимдаги қадоқлаш идишлари ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Илгари юртимиздаги корхоналар шундай шиша идишларни четдан харид қилар эди.

– Корхонамизнинг шиша идишларга бўлган эҳтиёжининг муайян қисмини импорт ҳисобидан тўлдираётган эдик, – дейди “Тошкентвино” корхонасининг сифат бўйича директори Динора Қосимхўжаева. – Эндиликда бунга эҳтиёж қолмади. “Асл ойна” корхонасида тайёрланаётган идишлар бежиримлиги ва сифатининг юқорилиги билан бизга маъқул келаётир.

Янги линиянинг ишга тушиши муносабати билан ўтказилган йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов сўзга чиқди.

Сайёра Шоева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
1 042






Все о погоде - Pogoda.uz