Қашқадарё вилоятида 14 “Ягона дарча” маркази фаолият кўрсатмоқда
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тадбиркорларга 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатаётган “Ягона дарча” марказлари фаолияти тадбиркорлик субъектлари учун ўзига хос қулайлик бўлди.Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 февралдаги "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона дарча” марказлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бу “Ягона дарча” марказларини самарали бошқариш, уларнинг фаолиятини ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга нисбатан тизимли ёндашувни белгилаш имкониятини беради.
Қашқадарё вилоятидаги 14 “Ягона дарча” маркази аҳолига қулай бўлган жойда, барча шароитлар яратилган биноларда фаолият юритмоқда. Давлат рўйхатидан ўтиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, ташқи рекламани жойлаштириш, турар жойни нотураржойга айлантириш каби масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилмоқда. Марказларда тадбиркорларга давлат хизмати кўрсатиш билан бирга, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, фуқароларга давлат хизмати кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳат берилмоқда.
– Марказимизда 13 малакали ходим хизмат кўрсатмоқда, – дейди Қарши шаҳар “Ягона дарча” маркази раҳбари Шуҳрат Мустафоев. – Мурожаат этувчи тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш мақсадида ўзига ўзи хизмат кўрсатишга мўлжалланган хона ва кутиш зали ишга туширилди, электрон табло ўрнатилмоқда. Таблода шаҳарда мавжуд бўш ер майдонлари ва бинолар, давлат дастури асосида хусусий мулкка сотиладиган объектлар, ажратилиши мумкин бўлган тижорат кредитлари, биржа савдоси, технологик ускуналар каталоги ҳақида атрофлича маълумотлар акс эттирилади.
Марказ билан бевосита ҳамкорликда давлат хизматларини амалга оширувчи масъул идоралар ходимлари “Е-ижро” тизими билан электрон тарзда ўзаро ахборот алмашиш имкониятига эга. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган даврида Қарши шаҳар “Ягона дарча” маркази томонидан тадбиркорлик субъектларига 2,5 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди.
– Ўтган йили Қарши агробизнес касб-ҳунар коллежини битирганман, – дейди Муҳриддин Жўраев. – “Ягона дарча” марказига мурожаат қилган эдим, ишим ярим соатда ҳал бўлди. Тадбиркорлар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот беришди. Ҳозир якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият бошладим. Келажакда бизнесимни кенгайтириб, сартарошлик хизмати кўрсатадиган шохобча очмоқчиман.