ЎзА Ўзбек

29.09.2019 Чоп этиш версияси

Қашқадарё инвестиция форумида 300 миллион долларга яқин шартномалар имзоланди

Қашқадарё инвестиция форумида 300 миллион долларга яқин шартномалар имзоланди

Шаҳрисабз шаҳрида 27-28 сентябрь кунлари ўтказилган Қашқадарё Инвестиция форуми 30 дан ортиқ мамлакатдан 160 дан зиёд ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Форум давомида 11 та ҳужжат имзоланиб, умумий қиймати 276 миллион долларлик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Хусусан, Ҳиндистоннинг НТПС компанияси билан Чироқчи туманида “Қуёш электростанцияси қуриш”, (80 миллион доллар), Польшанинг “Элкю” компанияси Муборак туманида “Қуёш электростанцияси қуриш” (100 миллион доллар), Эроннинг “Поя Полимер” компанияси билан “Ғузор туманида томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш” (10 миллион доллар), Туркиянинг “Акансу груп” корхонаси билан Косон туманида “Полиэтелиндан қувурлар ишлаб чиқариш” (15 миллион доллар), Покистон Ислом Республикасининг “Мега Инженеринг Воркс” корхонаси билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида “Гугурт ишлаб чиқариш” каби лойиҳалар бўйича меморандумлар имзоланди.

Форум доирасида 27 сентябр куни журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, тадбир доирасида вилоятнинг инвестиция жозибадорлиги, тадбир дастури, хорижий ҳамкорларга таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари ҳамда хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

8.jpg

– Халқаро бизнес форум юқори савияда ташкил этилган, – дейди “Глобал Бизнес Промошн Груп” компанияси вакили Вардэнцки Марэк. – Айниқса, бу каби халқаро форумнинг Шаҳрисабздек гўзал шаҳарда ташкил этилгани катта таассурот қолдирди. Бунинг учун ташкилотчилардан жуда миннатдормиз. Айтиш жоизки, мамлакатингиз билан чорвачилик соҳасида бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қиламиз. Масалан жорий йилда ҳам йирик шохли наслли чорва моллари олиб келиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Гўштни қайта ишлаш технологияларини олиб келиш эса лойиҳамизнинг кейинги босқичи саналади. Бугун форумда мана шу масалани муҳокама қилдик ва дастлабки келишувларга эришдик. Бундан жуда хурсандмиз. Ўйлаймизки ҳамкорлигимиз бардавом бўлади.

Жанубий Кореянинг “Ханбэк” компанияси вакиллари эса вилоятда етиштирилаётган сархил мевалар билан қизиқди. Хусусан улар дастлабки ишни анор экспортидан бошламоқчи.

– Биламизки, Қашқадарё вилоятида етиштирилган мевалар ўзининг бетакрор таъми ва сифати билан ажралиб туради, – дейди “Ханбэк” компанияси вакили Кан Чжэ Квон. – Ростдан уларни татиб кўрган киши ҳеч ўйламай шундай хулосага келиши табиий. Кореяда бундай меваларни севиб истеъмол қилишади. Шу боис бугунги форумда анор экспорти бўйича 10 миллион долларлик шартнома имзоладик. Лойиҳамизни амалиётга тўлиқ тадбиқ этгандан кейин олча экспортини ҳам йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Манфаатли бу ҳамкорликдан жуда мамнунмиз.

11.jpg

Бундан ташқари форумда Деҳқонобод тумани гиламчилик саньати алоҳида тақдимот қилинди. Қўй ва эчки жунидан тайёрланган табиий гиламлар хорижликларнинг эътиборини тортди.

Тадбир доирасида Оқсарой майдони бўйлаб, вилоятдаги туман ва шаҳарларнинг инвестиция салоҳияти акс этган кўргазма павильонлари ташкил этилиб, иштирокчилар вилоятнинг ишлаб чиқариш салоҳияти, истиқболли лойиҳалар тақдимотлари билан танишди. Шу билан бирга мазкур павильонларда воҳанинг қадимий урф-одатлари, ҳунармандчилик, миллий саньат ва қадриятлари акс этган экспозиция ташкил этилди.

Халқаро бизнес форумнинг иккинчи куни хорижлик инвесторлар иштирокида форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев меҳмонларни тантанали маросим билан қутлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликдан хурсанд эканлигини таъкидлади. Расмий учрашув давомида кўплаб шартномалар имзоланди.

Бизнес форумда туркиялик сармоядорлар ҳам фаол иштирок этди.

15.jpg

– Бугунги форум биз учун ҳам самарали бўлди, – дейди Туркиядаги “Саде” компанияси раҳбари Кая Айнажи. –Келажакда Чироқчи туманида 3 минг гектарлик кластер ташкил этиб, буғдой етиштиришни ва олинган ҳосилни қайта ишлаб, ундан ун ва макарон маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Боиси компаниямиз ушбу йўналишда узоқ йиллик тажрибага эга. Бугун мана шу лойиҳа бўйича туман ҳокимлиги билан келишувга эришдик. Насиб этса ҳужжатларни расмийлаштириш якунлангач ишларни бошлаб юборамиз.

Оқсарой мажмуаси ёнида B2B усулида хорижлик ишбилармонлар билан маҳаллий тадбиркорлар иштирокида юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Бир қатор самарали битимлар имзоланди. Битимларнинг асосий қисмини саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳалар ташкил этди.

Форум давомида хорижлик меҳмонлар кўнгилочар концерт дастурлари ва ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлди. Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига уюштирилган саёҳат ҳам меҳмонларга хуш кайфият улашди.

17.jpg

8 066
Ў. БАРОТОВ, Ж. НОРҚОБИЛОВ (cурат), ЎзА