ЎзА Ўзбек

27.09.2019 Чоп этиш версияси

Қашқадарё инвестиция форуми: яхши имконият ва янги лойиҳалар намойиши

Қашқадарё инвестиция форуми: яхши имконият ва янги лойиҳалар намойиши

Шаҳрисабз шаҳрида 27-28 сентябрь кунлари “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида “Қашқадарё инвестиция форуми“ бўлиб ўтмоқда.

Инвестиция форуми Қашқадарё вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ва туризм салоҳияти билан хорижий компаниялар ҳамда молия-кредит институтларини таништиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Форумда Буюк Британия, Германия, Россия, Италия, Туркия, Ҳиндистон ва бошқа бир қатор иқтисодий салоҳияти юқори бўлган давлатларнинг 150 дан ортиқ компаниялари иштирок этмоқда.

Форумнинг биринчи кунида чет эл компаниялари ва бошқа меҳмонларни тантанали кутиб олиш маросимлари бўлиб ўтди. Меҳмонларга Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий жойлари намойиш қилинди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари форум ҳақида ва форумдан кутилаётган натижалар бўйича маълумот берди.

Форум қатнашчилари ва хорижий меҳмонлар шарафига концерт дастури намойиш этилди.

Қарши шаҳрилик ишбилармонлар форумнинг биринчи кунидаёқ хорижлик сармоядорлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди.

– Форум доирасида олиб борилган музокаралар натижасида биринчи кунда умумий қиймати 20 миллион долларлик инвестиция шартномалари имзолашга муваффақ бўлдик, – дейди Қарши шаҳар ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Анвар Қобилов. – Бу лойиҳалар Қозоғистон ва Покистон давлатлари билан гугурт ишлаб чиқариш ва жунни қайта ишлаш каби ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳисобланади. Мазкур лойиҳалар 2019-2020 йилларда амалга оширилади. Бизнес форумнинг кейинги кунларида ҳам хорижлик тадбиркорлар билан ўзаро савдо айирбошлаш, маданий-туристик алоқалар бўйича ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқдамиз.

Инвестиция форуми давом этмоқда.

6 912
Ў.БАРОТОВ, ЎзА