Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 18:25 Чоп этиш версияси

Андижонда 55 валюта алмаштириш шохобчаси ташкил этилиб, белгиланган тартибда фаолият юритмоқда

Андижонда “Валюта сиёсатини либераллаштириш – эркин иқтисодиётни таъминлашнинг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, банк, солиқ, божхона тизими ходимлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Мустақиллик йилларида валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

– Ушбу фармон мамлакатимизда валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Тоҳиржон Толипов. – Аҳоли, хўжалик юритувчи субъектларга валютани эркин харид қилиш ва ишлатиш учун кенг имконият яратади. Юртимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, маҳсулот ва хизматлар экспортини ошириш, умуман, иқтисодиётимиз ривожига тўсиқ бўлаётган қатор муаммоларни бартараф этади.

Тадбирда фармон мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб этишнинг аҳамияти, ушбу ҳужжатнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти, иқтисодиёти ривожидаги ўрни хусусида атрофлича фикр алмашилди. Фармонда белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятда олиб борилаётган ишлар, хусусан, банкларнинг валюта айрибошлаш шохобчалари фаолияти, тадбиркорлар ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, яратилган қулайлик ва имтиёзлар хусусида маълумотлар берилди.

– Вилоятимизда 55 валюта алмаштириш шохобчаси ташкил этилиб, белгиланган тартибда фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Андижон вилояти бош бошқармаси валюта бўлими бошлиғи Жаҳонгир Қўчқоров. – Фуқароларимиз эмин-эркин, ҳеч қандай муаммоларсиз ўз маблағларини алмаштирмоқда. Бундан ташқари, хориждан маҳсулот олиб келмоқчи бўлган тадбиркорлар номига пластик карталар очилмоқда, харид қилинган валюта уларнинг ҳисобларига ҳеч қандай монеликсиз ўтказиб берилмоқда.

Анжуманда "Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар”, “Тижорат банклари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишнинг замонавий тамойиллари ҳамда механизмларини жорий этиш”, “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда валюта сиёсатини либераллаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Валюта сиёсатини либераллаштириш ва солиқ сиёсати” мавзуларида маърузалар тингланди.

Фармон тарғиботини кучайтириш, ижросини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 308






Все о погоде - Pogoda.uz