Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасида шаҳар ва қишлоқларимиз янада чирой очиб, замонавий турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари қад ростламоқда. Аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасида шаҳар ва қишлоқларимиз янада чирой очиб, замонавий турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари қад ростламоқда. Аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда."Юқори Авазбой" маҳалла фуқаролар йиғини Фарғона вилояти Риштон туманидаги обод масканлардан. Бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан аҳоли мамнун. Айниқса, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар бу борадаги ишлар салмоғи ва сифатини янги босқичга кўтарди.
– Тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, оилавий бизнес кўламини кенгайтириш, томорқадан унумли фойдаланиш, паррандачилик, чорвачилик тармоқларини ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги ишлар самараси бизнинг маҳалла ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда, – дейди “Юқори Авазбой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мусажон Турсунов. – Саккиз мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудимизда бу борада аниқ тадбирлар белгилаб олинган. Айниқса, томорқачилик маданияти янада юксалди.
Дарҳақиқат, ишбилармонлик, оилавий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар шаҳару қишлоқларимиз, кўча ва маҳаллаларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш билан бирга, одамларнинг дунёқараши, кайфияти, мақсад, орзу ва ўйларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
Ушбу маҳаллада ҳам оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Кейинги пайтлардаги тарғибот тадбирлари давомида 195 дан зиёд тадбиркорлик субъекти рўйхатга олиниб, 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда замонавий ва миллий меъморлик андозаларини ўзида уйғунлаштирган 3 чойхона, гузар ва умумий овқатланиш шохобчаси, 2 гўшт ва хўжалик моллари, 3 миллий ширинликлар дўкони иш бошлади. Замонавий спорт мажмуаси бунёд этилди. Пичоқчилар кўчасида янги гузар қурилиши бошланди. Бу ерда нон ва нон маҳсулотлари цехи, пичоқчилик, косибчилик, тикувчилик каби ҳунармандлик тармоқлари йўлга қўйилиб, 60 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Бундан уч йил аввал мазкур маҳаллада бор-йўғи тўрт оила томорқасида иссиқхона бор эди. Бугунга келиб уларнинг сони 42 тага етди. Шу йилнинг ўзида 8 оиланинг ҳар бирига иссиқхона қуриш учун 7 миллион сўмдан банк кредити берилди. Бодринг, помидор, лимончиликка асосланган бу тармоқлар томорқадан уч-тўрт марта ҳосил олиш имкониятини бермоқда.
Миришкор томорқачи Инъомжон Маҳмудов маҳаллий шароитда мандарин етиштиришга киришган. Шунингдек, паррандачилик йўналишида иш бошламоқчи бўлганлар 42 миллион сўм, чорвачилик тармоғини ташкил этиш учун 42 фуқаро 300 миллион сўмга яқин имтиёзли кредит олди. Қўни-қўшниларидан ўрнак олиб, оилавий тадбиркорликка қўл ураётган хотин-қизлар, ёшлар сафи кенгаймоқда. Қўли гул чеварлар тикувчилик цехлари очиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш баробарида ўнлаб маҳалла ёшларига ҳунар ўргатмоқда.
Юртимизда яратилаётган турли имтиёз ва имкониятлардан оқилона фойдаланаётган халқимиз дастурхони тўкин-сочин, маҳалла эса кун сайин обод бўлмоқда. Аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўладиган маиший шароитлар яратилмоқда. "Янги замон" кўчасига сув тармоғи тортилиши 42 хўжаликнинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини таъминлаш имконини берди. Наврўз, Ёшлик, Пичоқчи кўчаларида ҳам 1,5 километр ичимлик сув қувури тортилиб, 1 километрга яқин ички йўллар асфальтланди. Маҳалланинг фахри, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони Бобур Тўхтасинов бошчилик қилаётган спорт тўгараги ёшлар билан гавжум.
Энг муҳими, ҳамжиҳатликда иш олиб бориш қут-барака ва фаровонлик асоси эканини маҳалла аҳли яхши билади. Шу боис ажрим, нотинч оилалар, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, жиноятчилик сингари салбий ҳолатлар маҳаллада учрамайди.