Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 14:52 Чоп этиш версияси

Амударёлик фуқаро банкдан кредит олиб, ишсиз юрган ўғлининг бандлигини таъминлади

Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг даромад манбаларини кўпайтиришга кўмаклашиш мақсадида тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар жорий этилмоқда.

Банк кредити тадбиркорликни ривожлантиришнинг асосий омилларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чораларини белгилаб, “Оддий аҳолини тадбиркорликка жалб этиш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Айни пайтда барча тижорат банклари ходимлари ҳар бир хонадонга кириб, банк хизматлари ва кредит турлари ҳақида маълумот бермоқда. Кредитлар энг кам иш ҳақининг 1000 баробари миқдоригача имтиёзли ставкаларда таклиф этилаётгани аҳоли учун жуда қулай бўлмоқда.

Амударё туманида ҳам тижорат банклари тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Таклиф этилаётган кредитлар 3 йил муддатга, 9 фоизлик имтиёз билан берилаётгани аҳолида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шахсий томорқасида тадбиркорлик билан шуғулланишни истайдиганлар учун бизнес режа талаб қилинмаслиги, энг кам иш ҳақининг 50 баробаригача миқдорда кредит маблағи учинчи шахс кафиллиги асосида, ундан кўп миқдордаги кредит кўчмас мулк, енгил ёки юк ташувчи автомобиль, асбоб-ускуналар гарови асосида берилиши тушунтирилмоқда.

Банк таклиф этаётган кредит хизматидан фойдаланган фуқаролар чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланишга киришди. Улар орасида туманнинг “Олмазор” маҳалласида истиқомат қилаётган Жабборберган Эшмуродов ҳам бор. У “Агробанк”нинг туман филиалидан 7,5 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, 3 бош қорамол харид қилди.

– Ишсиз юрган ўғлимнинг бандлиги таъминланди, – дейди Ж.Эшмуродов. – Сигир сутини бозорда сотамиз, бу оиламизга қўшимча даромад келтиради. Оилалар фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган бундай ишлардан ғоят миннатдормиз.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 735






Все о погоде - Pogoda.uz