Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 13:18 Чоп этиш версияси

Ғалла парваришида муҳим палла

Жорий йилда қашқадарёлик соҳибкорлар 144 минг гектардан зиёд майдонда бошоқли дон экинларини парваришламоқда.

Ғалла парваришида бегона ўтларга қарши курашиш деҳқонлар учун кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Мўл ҳосил олиш кўп жиҳатдан мана шу агротехник тадбирнинг сифатли ўтказилишига боғлиқ. Вилоятда амалга оширилаётган ушбу тадбирга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг махсус авиация ишлари компанияси Қарши авиазвеносининг ҳаво кемалари жалб этилгани ишловни янада тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда.

– Вилоят “Агрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти билан тузилган шартномага мувофиқ "АН-2" русумли еттита самолёт ғалла майдонларида бегона ўтларга қарши ишлов беришда қатнашмоқда, – дейди авиабўлинма қишлоқ хўжалиги авиацияси муҳандиси Шермат Назаров. – Ҳозирга қадар 20 минг гектар майдондаги ғаллазорга ишлов берилди. Яна 15 минг гектар майдон ишлови учун авиациядан фойдаланиш кўзда тутилган.

Бу йил баҳорнинг серёғин келаётгани майсанинг тўлиқ ривожланиши билан бирга оқбош, перка, ёввойи сули каби бегона ўтларнинг ҳам ўсувчанлигига қулай шароит яратмоқда. Бу ўтлар озиқ моддаларни буғдойга нисбатан 20-30 марта кўп ўзлаштириб, майса ривожига халал беради. Шу боис уларга қарши ишловни кечиктирмай ўтказиш жуда муҳим.

Мухтасар айтганда, ғаллазорда бегона ўтларнинг бўлмаслиги мўл ҳосил, тоза ва сифатли буғдой етиштириш имконини беради. Авиация кўмагидан фойдаланиш эса мазкур тадбирни тез ва экинларга зарар етказмасдан ўтказишни таъминлайди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 203






Все о погоде - Pogoda.uz