Мамлакатимизда янги суғурта компанияси фаолият бошлади
Миллий матбуот марказида “Agros Hayot” суғурта компаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида “Agros Hayot” суғурта компаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди.“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти мамлакатимиз суғурта бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб, аҳолига 120 дан ортиқ суғурта хизматини кўрсатиб келмоқда. Миллий суғурта бозорида ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш, олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида жамғариб бориладиган суғурта турларини ҳамда ҳаёт суғуртасини кенг тарғиб қилиш мақсадида жамият таркибида “Agros Hayot” суғурта компанияси ташкил этилди.
“Agros Hayot” юридик ва жисмоний шахсларга ҳаёт суғуртаси, тиббий суғурта ҳамда умумий суғурта бўйича хизматлар кўрсатади. Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида компания филиаллари ташкил этилди.
– Ҳаётни суғурта қилиш маҳсулотларидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида ҳар бир кишига етказишга ҳаракат қилаяпмиз, – дейди “Agros Hayot” суғурта компанияси бош директори ўринбосари Жаҳонгир Йўлдошев. – Соғлиқ ва ҳаётни суғурта қилиш – ижтимоий ҳимояланиш ва молиявий режалаштириш имконини берувчи замонавий хизматлардан биридир. Айниқса, инсон ҳаёти бебаҳодир. Шу боис ҳаётни суғурта қилиш билан боғлиқ маҳсулотларимиз ҳаётий воқеалар ёки кутилмаган сарф-харажатлар каби турли қийинчиликлардан оилаларни сақлаш учун ишлаб чиқилган. Яқин кунларда ихтиёрий тиббий суғурта, чет элга чиқувчи шахсларнинг тиббий суғуртаси, юқумли касалликлардан суғурталаш, спортчиларни бахтсиз ходисалардан суғурталаш, кредит олувчи ҳаётини суғурталаш кабилар амалиётга татбиқ этилади.
Анжуманда аҳолининг суғурта маданиятини ошириш, одамларнинг суғурта хизматидан фойдаланиш ва суғурта қилиш афзалликлари ҳақида тўла маълумот олишига имконият яратиш зарурлиги қайд этилди. Миллий суғурта бозоридаги суғурта ташкилотларининг ўрни ва фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини такомиллаштириш мақсадида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти томонидан «Суғурта журналистлар нигоҳида» танлови ўтказиб келинмоқда.
– Бу йил танлов ғолиблари тўрт йўналишда аниқланди, – дейди “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти департамент менежери Шерзод Исломов. – Матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақола, эфирга узатилган телекўрсатув ва лавҳалар, радиоэшиттиришлар, интернет саҳифаларига жойлаштирилган материалларнинг энг саралари танлаб олинди.
Танлов ғолиблари диплом ва совғалар билан тақдирланди.