Аҳоли бандлиги – фаровонлик омили
Мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ этиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш, етакчи тармоқларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳисобига ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ этиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш, етакчи тармоқларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳисобига ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу ўз навбатида аҳоли, авваламбор ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтиришга хизмат қилади.
Ушбу ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилди ва унинг устувор вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари белгиланди.
Фармонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи маротаба ишга жойлашган битирувчилари, агар улар таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, ишга жойлашганидан кейин биринчи йил давомида иш ҳақидан олинадиган даромадлари бўйича ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини 50 фоизга, уларнинг иккинчи ва учинчи йил давридаги иш фаолияти бўйича 25 фоизга камайтириш белгиланди. Бу имтиёз бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлаштирилганларга татбиқ қилинмайди.
Мазкур меъёрлар иш берувчиларнинг битирувчиларни ишга жойлаштиришдан манфаатдорлигини ошириш ҳамда имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағларнинг бир қисмини ёшларнинг касб малакасини ошириш бўйича тадбирларга йўналтириш имконини беради.
Фармонга биноан аҳоли бандлигини таъминлашга замонавий технологияларни кенг жалб этиш мақсадида 2019 йилдан бошлаб ходимларнинг меҳнат фаолияти даври, махсус стажи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлаган тўловлар миқдори бўйича ишончли маълумотни ҳамда ходимнинг касбий ўсишига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олган “электрон меҳнат дафтари” тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.
Бу каби чора-тадбирлар меҳнат бозорини янада ривожлантириш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги
ахборот хизмати