Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.09.2017 17:34 Чоп этиш версияси

“Ўзэкспомарказ”да II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси очилди

“Ўзэкспомарказ”да II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси очилди Юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар саломатлик учун фойдали микроэлементлар, озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан ноёбдир. Мамлакатимизда бир йилда ўртача 320 кун офтобли бўлиши, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви юқори сифатли хилма-хил мева ва сабзавотларнинг сархил навларини етиштириш учун қулай имкониятлар яратади. Шунинг учун ҳам саховатли ўзбек замини инъом этаётган мева ва сабзавотлар ҳақиқий брендга айланиб, дунёда маълум ва машҳурдир.

Буни иккинчи марта ўтказилаётганига қарамай, АҚШ, Россия, Япония, Жанубий Корея, Австрия, Швеция, Швейцария, Португалия, Украина, Беларусь, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур сингари 40 дан ортиқ мамлакат вакилларини бирлаштирган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси яна бир бор исботлади.

Бугунги кунда сайёрамизнинг қарийб 1 миллиард аҳолиси тўйиб овқатланмаётгани ва бу борадаги муаммо тобора кескинлашиб бораётгани озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратишни тақозо этмоқда. Ўзбекистонда етиштирилаётган меваларга дунё мамлакатларида талаб жуда катта. Чунончи, мамлакатимиз ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан бири экани, кейинги ўн йилда қуруқ мева ва ёнғоқ экспорти ҳажми 5 карра ортгани бунинг ёрқин далилидир.

Бугун халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Бразилия, Вьетнам, Индонезия, Кипр, Македония, Малайзия, Мўғулистон, Норвегия, Россия, Саудия Арабистони, Словакия, Таиланд, Хитой, Япония каби саксондан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. Соҳада олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар самарасида экспорт жўғрофияси кенгайиб, ҳажми тобора ошмоқда.

Қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани йил давомида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имконини бермоқда.

Экин майдонлари оптималлаштирилиб, ҳосилдорликни оширишга қаратилаётган эътибор натижасида ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар асосида янги боғ ва токзорлар барпо этилмоқда. Сўнгги йилларда қарийб 100 минг гектарда мевали боғ ва токзорлар, 25 минг гектарга яқин майдонда интенсив боғлар ташкил қилинди. Уларни яратишда асосан тоғ ва тоғолди ҳудудлари, шунингдек, сув тақчил ерларда пайвандтагларга пакана илдиз-бўғиз қўйиш йўли билан етиштирилган кўчатлардан фойдаланиш технологияси кенг жорий этилмоқда. Бундай боғлар икки йилда ҳосилга кириб, олтинчи йили гектаридан 50-60 тоннагача мева бериши билан ажралиб туради.

Олимларимиз яратган иқлим шароитимизга мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ нави, мева, резавор экинлар ҳамда узумнинг 175 нави парваришланмоқда. Бунда пахта майдонлари қисқариб, мева-сабзавот, полиз ва узум етиштиришга ихтисослашган майдонларнинг кенгайиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад –хорижликларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида эришилаётган ана шундай юксак ютуқлар билан яқиндан таништириш, мамлакатимизда етиштирилаётган экологик тоза мева-сабзавотлар, полиз экинлари ҳамда уларни қайта ишлаш орқали тайёрланаётган турли хилдаги маҳсулотларни намойиш этиш, соҳада мавжуд маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги шериклар топиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишдан иборат.

– Кўргазманинг мунтазам ўтказилаётгани, иштирокчилар сонининг ошиб бораётгани Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб беришдаги обрўси ва нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради, – дейди Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин. – Биз Россияда Ўзбекистон маҳсулотларига талаб юқорилигини инобатга олган ҳолда мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Хусусан, жорий йилнинг июль ойидан эътиборан икки мамлакат ўртасида "яшил коридор" тизими синов тариқасида ўз фаолиятини бошлади. Ҳозир мазкур лойиҳани 2017 йилнинг охиригача тўлиқ ишга тушириш бўйича иш олиб бораяпмиз. Ярмарка мамлакатларимиз ўртасидаги соҳага оид ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш имконини бермоқда.

Халқаро форум озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда 150 дан зиёд тармоқ корхоналари томонидан ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид хизматлар намойиш этилмоқда.

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси бошқаруви раиси Тоҳир Жалиловнинг таъкидлашича, мамлакатимиздаги қулай сармоявий муҳит хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш, барча соҳага замонавий технологияларни жалб этишда муҳим омил бўлаётир. Хусусан, мева-сабзавотчилик соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўплаб корхоналар самарали фаолият юритмоқда. Бугунги кунда 230 га яқин корхонани ўзида бирлаштирган компания томонидан хорижий мамлакатларда 12 савдо уйи фаолияти йўлга қўйилгани маҳсулотларни чет эллик ҳамкорларга тўғридан-тўғри етказиб беришда муҳим омил бўлмоқда.

Шу йил 28-30 август кунлари Рига шаҳрида ўтказилган Латвия – Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида Латвия пойтахтида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси савдо уйини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Европанинг барча мамлакатлари, Скандинавия ва Болтиқбўйи давлатларига Ўзбекистондан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаб, етказиб берувчи логистика марказини ташкил этиш лойиҳасининг амалга татбиқ этилиши эса юртимиз маҳсулотларининг Европа Иттифоқи давлатларига кириб боришига замин яратади.

Кўргазмада Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси вакилларининг маҳсулотлари мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган компаниялар экспозицияларида кенг ўрин эгаллаган. Улар кенг турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини намойиш қилиб, ўз хизматларини таклиф этмоқда.

– Икки йилдан буён қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавотларни қуритиш ва уларнинг савдоси билан шуғулланмоқдамиз, – дейди Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Бухоро агро экспорт” корхонаси директори ўринбосари Фаррух Нуров. – Мамлакатимизда тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароит яратилмоқда. Яқинда корхонамиз ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларнинг татбиқ этилиши натижасида қайта ишлаш даражаси бир неча баробарга ортди. Маҳсулотларимизни Россия, Хитой ва Ҳиндистонга экспорт қилмоқдамиз. Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида янги шериклар топиб, экспорт географиясини янада кенгайтириш мақсадидамиз.

Ярмарка доирасида экспортчилар ва Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари харидорлари ўртасида ўзаро учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиши, тадбир иштирокчиларининг мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, интенсив боғлар, музлаткичли омборлар билан танишуви режалаштирилган.

Мазкур нуфузли тадбир мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, икки томонлама манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг йўналишлари ва ривожланиш истиқболларини таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди.

Беҳзод Бозоров, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
7 905






Все о погоде - Pogoda.uz