Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 14:28 Чоп этиш версияси

«Ўзбекинвест»: ҳар ойда ўртача 700 суғурта даъвоси кўриб чиқилмоқда

Мамлакатимизда тадбиркорлик билан бир қаторда суғурта хизмати изчил ривожланмоқда. Бундай хизматлар ҳажми кун сайин кенгайиб, юксалиб бормоқда. Мисол учун, «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси 2016 йилда 8 минг 250 дан зиёд суғурта даъвоси асосида 15 миллиард сўм суғурта бадали тўлаб берди. Шундан 10,6 миллиард сўми юридик шахслар, 4,4 миллиард сўми жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

Компаниянинг ахборот хизматидан маълум қилишларича, амалга оширилган суғурта қопламаларининг 55 фоизи ёки 8,3 миллиард сўми мажбурий суғуртага, 45 фоизи ёки 6,7 миллиард сўми ихтиёрий суғурта турларига тўғри келади. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳар ойда ўртача қарийб 700 суғурта даъвоси кўриб чиқилганини кузатиш мумкин. Тўланган бадалларнинг асосий қисми авто суғурта, хавфли ишлаб чиқариш объектлари суғуртаси, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси, ихтиёрий тиббий суғурта, ипотека суғуртасига йўналтирилган.

Суғурта компаниялари учун суғурта ҳодисаси юз берганда мижозларнинг даъволарини имкон қадар тез кўриб чиқиб, суғурта бадалларини ўз вақтида тўлаб бериш уларнинг нуфузини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулкини асрашга кўмаклашиш мақсадида «Ўзбекинвест» компанияси тизимида "Ишонч телефони", туну кун ишловчи диспетчерлик хизмати фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, мижозларга суғурта масалалари юзасидан, жумладан, суғурта шартномалари тузишда ва суғурта ҳодисалари бўйича зарур ҳужжатларни жамлашда доимий кўмак берувчи ахборот-маслаҳат гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ушбу ахборот-маслаҳат гуруҳлари компаниянинг марказий аппарати ва ҳудудий филиалларида ўз фаолиятини кўрсатмоқда.

Ахборот-маслаҳат гуруҳлари суғурта даъволарини кўриб чиқиш қоидалари, суғурта товонини тўлаш тартиблари юзасидан тушунтиришлар бериб, талаб этиладиган ҳужжатларни жамлашда ҳамда уларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилишида кўмаклашмоқда.

Кутилмаган тасодифлардан ҳеч ким ҳимояланган эмас. Ҳар бир инсоннинг хавфсизлик қоидаларига тўла амал қилиши ва ўз мол-мулкини суғурталаб қўйиши оилалар мустаҳкамлигига хизмат қилади.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 570






Все о погоде - Pogoda.uz