Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 14:53 Чоп этиш версияси

Қўшма корхонада янги йигирув тармоғи ишга тушди

Қўшма корхонада янги йигирув тармоғи ишга тушди Қўқон шаҳридаги “Индорама Қўқон текстиль” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида тўртинчи босқич – умумий қиймати 51 миллион доллар миқдоридаги лойиҳа амалга оширилиб, янги йигирув тармоғи иш бошлади. Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш имкониятини кенгайтирди.

Президентимиз раҳнамолигида пахта толасини қайта ишлашнинг барқарор ўсишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар юксак самаралар бермоқда.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, мавжуд саноат корхоналарининг босқичма-босқич модернизация қилинаётгани технологик жараёнларни янгилаш, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳаллий бозорни импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир. Ўтган йили “Хумо тўқимачи”, “Булуттекстиль”, “Бешариқ тўқимачи” масъулияти чекланган жамиятларида модернизация ишлари амалга оширилди. Бундай ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.

12 (1).JPG

Кейинги йилларда вилоят иқтисодиётида енгил саноат тармоғи ҳам мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу ҳудудларда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини бераётир.

“Индорама Қўқон текстиль” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида маҳаллий толадан халқаро стандартларга мос, сифатли калава ип ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда маҳсулот Германия, Испания, Бельгия, Франция, Аргентина, Бразилия, Туркия, Бангладеш каби мамлакатларга экспорт қилинаётир.

Мазкур қўшма корхонада Швейцариянинг “Лува”, “Риетер”, Япониянинг “Тойота”, “Муратта” компанияларининг юқори унумли, автоматлаштирилган тўқув дастгоҳлари ёрдамида маҳсулот тайёрланмоқда. Ўтган йили 28 минг 976 тонна калава ип ишлаб чиқарилди.

Корхонанинг илғор технологиялар асосида қайта ишланаётган юқори сифатли маҳсулотларига харидор бўлаётган мамлакатлар сафи йил сайин кенгаймоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар 100 фоиз экспорт қилинмоқда.

– Бугунги кунда корхонамизда 1 минг 200 ишчи меҳнат қилмоқда, – дейди қўшма корхона ижрочи директори Равшан Тожиев. – Иш уч сменада ташкил этилган бўлиб, ишчи-ходимлар учун барча шароит яратилган. Жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизга хорижда талаб катта. Жорий йилнинг ўтган даврида 8 минг тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқардик. Корхонамиз ёрлиғи билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
2 863






Все о погоде - Pogoda.uz