ЎзА Ўзбек

15.12.2017 10:34 Чоп этиш версияси

331 миллиард сўмлик солиқ имтиёзи берилди

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 1582 хўжалик юритувчи субектлар 331 миллиард сўмдан ортиқ солиқ имтиёзларидан фойдаланди.

Масалан, биргина Қарши шаҳридаги «Qarshi leather» Ўзбекистон-Исроил-Хитой қўшма корхонасига 805 миллион сўмга яқин солиқ имтиёзлари берилди.

Маълумки, Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигининг чорвачилик тармоғи анча ривожланган. Ҳар йили ҳудудда катта миқдорда гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилади. Шу билан бирга, чарм-поябзал саноати учун муҳим хом ашё ҳисобланган тери олинади. Бироқ илгари ҳудудда терини қайта ишлаш борасидаги имконият тўла ишга солинмасдан қолаётганди.

Жорий йилда Қарши шаҳрида «Qarshi leather» Ўзбекистон-Исроил-Хитой қўшма корхонаси ташкил этилиб, бу ерда хом терига замонавий технологиялар асосида ишлов бериш ҳам йўлга қўйилди.

Уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳага чет эл инвестицияси жалб қилиниб, корхонага хориждан терини қайта ишлашга мўлжалланган замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди.

– Лойиҳанинг дастлабки босқичида йилига 750 минг дона йирик шохли мол терисини қайта ишлаш режалаштирилган, – дейди корхона ижрочи директори Фарҳод Панжиев. – Эътиборлиси, корхонамизда мавжуд қувватдан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Кунига ўртача 1200 дона терига ишлов берилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизнинг сифати жаҳон талабларига жавоб беради. Шу боис, уни сотиб олиш истагида бўлган хорижлик харидорларимиз кўп. Бу эса, экспортга кенг йўл очмоқда. Аввалига 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги ярим тайёр чармни Хитой мамлакатига жўнатдик. Бошқа ҳамкорларимиз билан ҳам шартномалар тузганмиз. Ҳар ойда ўртача ҳисобда 1,5-2 миллион долларлик маҳсулотни экспортга жўнатишни мақсад қилганмиз.

Корхона мутасаддиларининг маълум қилишича, терини қайта ишлаш жараёнида ажраладиган ички ёғли чиқиндидан унумли фойдаланиб, ундан иккиламчи маҳсулот – махсус ем тайёрлаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда.

Ушбу таклиф чет эллик инвесторлар томонидан ҳам маъқуллаган. Бу маҳсулотни сотиб олишга Америка ва Европа мамлакатлари ишбилармонлари талабгор бўлиб чиққан. Корхона раҳбарияти шуларни эътиборга олиб, махсус ем ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйишга қарор қилган.

Айтиш жоизки, умумий қиймати 9 миллион АҚШ долларига баҳоланган мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи муваффақиятли якунлангач, корхонада 150 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳага кўра, кейинги босқичда чармни бўяшни ташкил этиш, охирги босқичда эса, тайёр маҳсулот – чарм поябзал ва атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш белгиланган. Натижада, қўшимча яна 150 нафар кишининг бандлигини таъминлашга эришилади.

10 974