Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Норматив ҳужжатлар

Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори


Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони


“Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” ва “Оммавий ахборот воситалари ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Ахборот агентлигини қайта ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Ахборот агентлиги (ЎзТАГ) - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантирилсин.

2. ЎзА агентлиги Ўзбекистон Ахборот агентлигининг тўла ҳуқуқли вориси деб ҳисоблансин ҳамда унинг фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари:

- мустақил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жумҳурият ички ва ташқи сиёсати, давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг фаолияти ҳақидаги ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий баёнотлари ва ахборотларини тарқатиш;

- мустақил давлатларнинг, хорижий мамлакатларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикасининг ички ҳамда ташқи сиёсатига доир, минтақага хос ижтимоий-сиёсий ва бошқа воқеалар хусусида ахборот материаллари бериш;

- Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини оғишмай амалга ошира бориб, жумҳурият иқтисодий, ижтимоий, маданий турмушидаги воқеаларни ҳаққоний ва ошкора ёритиш, республика аҳолисини бир-бирларига нисбатан тенг ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш, халқлар ўртасида тотувлик, дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш;

- мустақил давлатлар ва хорижий мамлакатларда ўзининг ахборот марказларини, мухбирлар манзилгоҳларини ташкил этиш, хорижий агентликлар ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари билан битимлар тузиш асосида барча турдаги ахборотларни тўплаш ва тарқатиш масалалари юзасидан халқаро алоқаларни йўлга қўйишдан иборат қилиб белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида ушбу Фармонни бажариш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.

Ўзбекистон Республикасининг
Президенти И. Каримов

Тошкент ш., 1992 йил 5 февраль 


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида” 1992 йил 5 февралдаги Фармонига мувофиқ ҳамда республиканинг ички ва ташқи сиёсати тўғрисида ишончли ахборотларни тўплаш ва таъминлашни ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Юклатилган вазифаларга мувофиқ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

моддий-техника негизини мустаҳкамлаш ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун бюджетдан ташқари молиявий манбаларнинг маблағларидан мустақил фойдаланиш;

шартномалар юзасидан буюртмачиларга сотиладиган ахборот маҳсулоти (ишлар, хизматлар) нархлари ва тарифларини белгилаш;

раҳбарларни, ижодий ходимларни, юқори малакали мутахассислар ва хизматчиларни битим асосида ишга ёллаш;

ахборот маҳсулотини, тегишли техника ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш, сотиш ва айирбошлаш, реклама хизмати ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш юзасидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш.

2. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) тўғрисидаги илова этилаётган Низом тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги марказий аппарати ходимларининг энг кўп сони, хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари, 150 кишидан иборат қилиб белгилансин.

Белгилаб қўйилсинки, ЎзА меҳнат ҳақи учун ажратиладиган маблағлар доирасида аппарат тузилишини, моддий рағбатлантириш шакллари ва шартларини (турли тоифадаги ходимлар сони нисбатини ҳисобга олмасдан) мустақил равишда тасдиқлайди.

ЎзА бош директорининг уч нафар ўринбосари, жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари ва 9 кишидан иборат ҳайъат бўлишига рухсат берилсин, унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

ЎзА бош директорига, унинг ўринбосарларига ва ҳайъат аъзоларига Ўзбекистон Республикаси вазирлари, уларнинг ўринбосарлари ва ҳайъат аъзолари учун мос равишда белгиланган моддий таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитлари жорий қилинсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги белгиланган асосий вазифалардан ва фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда бир ой муддат ичида агентликни бошқаришнинг ташкилий тузилишини такомиллаштириш, республикада, МДҲ давлатларида ва чет элларда мухбирлик пунктлари шохобчаларини кенгайтириш юзасидан тадбирларни амалга оширсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги:

чекланган нархлар ва тарифларда хизмат ҳақи тўлаш шарти билан ЎзАга, унинг бўлинмаларига ва мухбирлик пунктларига шартнома асосида зарур алоқа каналлари ва воситаларини берсин;

ЎзА ҳамда унга қарашли ташкилотларнинг хабарлари ва фототелеграммаларини Ҳукумат телеграммалари тоифасида узатишни, телефон сўзлашувларини эса иккинчи тоифа тезкорликда улашни таъминласин.

6. “Ўзшартномасавдо” уюшмаси асосланган буюртмаларга кўра Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига зарур моддий-техника ресурслари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ажратишни назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, “Тошкентбошқурилиш” ЎзА лаборатория корпусининг иккинчи навбати қурилишини тугаллашни кўриб чиқсинлар ва икки ҳафта муддат ичида белгиланган тартибда таклиф киритсинлар.

8. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1972 йил 13 апрелдаги 155-сон, 1977 йил 22 декабрдаги 804-сон, 1981 йил 15 июндаги 507-сон, 1986 йил 9 апрелдаги 181-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ўртоқ Э.С. Самандаров зиммасига юклатилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг
Раиси И. Каримов

Тошкент ш., 1992 йил 21 апрель


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг
2016 йил 05 августдаги
55-ич сонли буйруғига
1-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ АХБОРОТ АГЕНТЛИГИ – ЎзА ХОДИМЛАРИНИНГ ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Мазкур одоб-ахлоқ Қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар деб юритилади) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади)нинг эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, барча ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.

Қоидалар ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга Агентлик ходимларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.

Агентликка ишга кираётган шахслар Қоидалар билан имзо қўйдирган ҳолда таништириладилар.

Агентлик ходимлари қонун ҳужжатлари ва Қоидаларга риоя этишлари шарт. Мазкур Қоидаларга риоя этиш Агентлик ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

II.АГЕНТЛИК ХОДИМЛАРИНИНГ ХИЗМАТДАГИ ХУЛҚ-АТВОРИНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ ВА ҚОИДАЛАРИ

Агентлик ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

қонунийлик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;

давлат ва жамият манфаатларига содиклик;

адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

Агентлик ходимлари қуйидагиларга мажбур:

хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;

ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;

юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўзваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларида белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;

ўз хизмат ва зифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;

норматив ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;

Ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки агентликнинг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;

Хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;

Агентликда хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.

Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар агентлик ходимларининг қонун ҳужжатлари талабларини ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Агентлик ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.

Агентлик ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

Агентлик ходимлари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

Агентлик раҳбарияти шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.

Агентлик ходимлари касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, иш жараёнида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.

Раҳбар:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;

коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;

ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) қарши чоралар кўрмаганлиги учун жавоб беради.

Агентлик ходимлари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Агентлик ходимлари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда Агентлик ходимларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг Агентликка нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

Агентлик ходимлари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.

III. МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ

Агентлик ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.

Манфаатлар тўқнашуви Агентлик ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Агентлик ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда Агентлик ходимлари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

Агентлик ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

Агентлик ходимлари ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.

Агентлик ходимлари ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.

Агентлик ходимлари ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Агентлик ходимлари лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.

IV. ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Агентлик ходими томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

Агентлик ходими томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари Одоб-ахлоқ Комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда Агентлик Бош директорига қоидалар бузилишини содир этган ходим жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ комиссияси ходимга нисбатан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

Агентлик ходимлари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек Агентликнинг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.







Все о погоде - Pogoda.uz